Бувайда туманида “Зулфия” номидаги давлат мукофоти учун танлов ўтказилди
2025-10-24 10:30:00 / Янгиликлар
Бувайда туманида иқтидорли, ташаббускор ва фаол қизларни аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Зулфия” номидаги давлат мукофотига номзодларни саралаш танлови бўлиб ўтди. Тадбир туман 1-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди.

Тадбирни Бувайда туман ҳокимининг ўринбосари К. Мирсаидова очиб бериб, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти ёшларнинг, айниқса, иқтидорли қизларнинг ўз устида ишлаши, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда ютуқларга эришишлари учун муҳим рағбат эканлигини таъкидлади.
Танловда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, жамоатчилик ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича фаолият юритаётган ўн тўрт ёшдан ўттиз ёшгача бўлган қизлар ўз иқтидор ва ютуқларини намойиш этдилар.
Ғолиблар вилоят босқичига тавсия этилиб, уларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.









