Бувайда туманида Мустақиллик байрами кенг нишонланди
2025-08-27 18:20:00 / Янгиликлар

Байрам тадбири “Mega Park” истироҳат боғи амфитеатрида бўлиб ўтди. Тантанани Бувайда туман ҳокими Бехзоджон Иброҳимов очиб бериб, йиғилганларни юртимиз мустақиллиги байрами билан самимий табриклади. Ўз нутқида ҳоким мустақиллик йилларида мамлакатимизда эришилган улкан ютуқлар, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Байрам дастури “Ватан учун, халқ учун, миллат учун!” шиори остида давом этди. Тантанада юртимиз санъатининг севимли вакиллари — Шоҳжаҳон Жўраев, Зулайҳо Бойҳонова, эстрада юлдузи Жўрабек Қодиров ҳамда “Бувайда булбули” номи билан эл ардогʻiga тушган Мўҳсинбек Мўминов ўз чиқишлари билан барчага байрамона кайфият улашди.
Дастур давомида миллий куй-қўшиқлар, ранг-баранг рақслар, Ватан мадҳига бағишланган тароналар янгради. Меҳмонлар ва туман аҳолиси учун яратилган шинам муҳит, ёрқин саҳна кўринишлари ва жўшқин қўшиқлар Мустақиллик байрамининг қадр-қимматини янада оширди.
Байрам якунланар экан, барчага тинчлик, фаровонлик ва юртимиз равнақи йўлида эзгу тилаклар билдирилди.









