БУВАЙДАДА “ЗУЛФИЯ ИЗДОШЛАРИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ
2026-10-26 10:30:00 / Янгиликлар
Бувайда туманида иқтидорли, билимли, ташаббускор ва фаол қизларни аниқлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Зулфия издошлари” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Танловни туман ҳокими ўринбосари К. Мирсаидова очиб бериб, Зулфия номидаги давлат мукофотининг ёш авлод, хусусан, иқтидорли қизларни илм-фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда юксак натижаларга эришишга рағбатлантиришдаги аҳамиятини таъкидлади.
Танлов давомида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иштирокчилар ўз билим ва салоҳияти, ижодий ишлари, эришган ютуқлари ҳамда жамоатчилик фаолиятини намойиш этдилар.
Якуний натижаларга кўра, муносиб деб топилган иштирокчилар танловнинг вилоят босқичида қатнашиш учун тавсия этилди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.






