“АЁЛЛАР ДАФТАРИ” БЎЙИЧА АМАЛИЙ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ
2026-06-15 15:30:00 / Янгиликлар
Бувайда туманида хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичи доирасида амалий семинар ташкил этилди.

Унда вилоят касаба уюшмасидан бириктирилган вакил М. Хатамов, туман ҳокими ўринбосари К. Мирсаидова, штаб аъзолари, маҳалла раислари ҳамда хотин-қизлар фаоллари иштирок этди.
Семинар давомида “Аёллар дафтари” орқали эҳтиёжманд хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш ва даромад манбаларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Бачқир маҳалласи мисолида тизимни юритиш амалиёти, мурожаатларни ўрганиш, ёрдам турларини белгилаш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Тадбирда “Аёллар дафтари”нинг асосий мақсади хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларга амалий кўмак кўрсатиш ва ҳаёт сифатини яхшилашдан иборат экани алоҳида таъкидланди.








