ЁШЛАР ТАКЛИФЛАРИ ВА ТАШАББУСЛАРИ ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА
2026-06-12 10:35:00 / Янгиликлар
Ёшлар ойлиги доирасида Бувайда тумани прокурори Зиёвуддин Сулейманов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Дастлаб, Оққўрғон маҳалласида ташкил этилган IT марказда бўлиб ўтган учрашувда ёшлар томонидан ишлаб чиқилаётган стартап лойиҳалар тақдимоти билан танишилди. Инновацион ғоялар, ахборот технологиялари йўналишидаги ташаббуслар ҳамда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги режалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг туман прокурори ўзига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг мурожаатлари, муаммо ва таклифларини тинглади. Ёшларни қийнаётган масалалар жойида ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, замонавий технологияларни ўзлаштириши ҳамда ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошириши учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда муаммоларини манзилли ҳал этишга хизмат қилди.





