Бўка туманида кузги шудгорлаш ишлари юзасидан семинар ўтказилди
2026-10-23 17:00:00 / Янгиликлар

Семинарда туман ҳокими М.Абдазимов, Тошкент вилояти Фермерлар кенгаши раиси Ш.Дўстбеков, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Норбўтаев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи С.Содиқов, шунингдек, Бўка, Бекобод ва Пискент туманларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари, ҳудудлар масъуллари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинар давомида мутахассислар томонидан кузги шудгорлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳамда келгуси мавсумда мўл ҳосил етиштириш учун зарур агротехник тадбирларни бажариш юзасидан тавсиялар берилди.
Шунингдек, ер майдонларини шудгорлашда агротехник талабларга қатъий риоя қилиш, қишлоқ хўжалиги техникаларидан самарали фойдаланиш, ишларни белгиланган муддатларда якунлаш ва йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якунида фермер хўжаликлари раҳбарлари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоблар олдилар. Билдирилган тавсия ва кўрсатмалар кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этиш ҳамда келгуси йил ҳосили учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.









