Бўкада илғор пахтачилик тажрибаси намойиш этилди
2026-10-08 10:50:00 / Янгиликлар

Халқаро делегация вакилларини Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Қорабоев, туман ҳокими М.Абдазимов, вилоят Фермерлар кенгаши раиси Ш.Дўстбеков, туман ИИБ бошлиғи А.Ғуломов ҳамда «Агрохизматлар маркази» (AKIS) вакиллари бошчилигидаги масъуллар кутиб олди.
Дастлаб Б.Умаров ҳудудидаги «Ёш Суннатилла» ва «Азизова Шоҳида» фермер хўжаликларининг дала майдонларида етиштирилган Хитойнинг (Shin Lu Zong 87) ва Испаниянинг (Novella) навли пахта ҳосили кўздан кечирилди.
Меҳмонлар пахта навларининг хусусиятлари, етиштириш агротехнологияси ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари билан қизиқдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларидан батафсил маълумот олдилар. Шунингдек, замонавий пахта териш комбайнида ҳосилни йиғиб олиш жараёнида бевосита иштирок этдилар.
Шундан сўнг Навоий ҳудудидаги «Хуррам Рустам» фермер хўжалиги дала майдонида етиштирилган пахта ҳосили билан танишилиб, плёнка остида пахта етиштириш технологияси юзасидан маълумот берилди.
Мазкур амалий жараёнларда Ўзбекистонда, жумладан, Бўка туманида пахтачиликни ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар намойиш этилди.









