Хонадонма-хонадон муаммолар ўрганилиб, ечимлар белгиланмоқда
2026-09-12 14:50:00 / Янгиликлар

Бўка тумани ҳокими М.Абдазимов “Саноатқурилишбанк” ОАТБ Тошкент вилояти филиали бошқарувчиси Б.Абдиев ва тегишли масъуллар билан биргаликда Камбағал оилалар реестрига киритилган хонадонларда бўлиб, оилаларнинг яшаш шароити, мавжуд муаммолари, бандлиги ва даромад манбаларини ўрганди.
Оилалар билан бевосита мулоқот давомида уларнинг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятлари атрофлича ўрганилиб, даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда мавжуд муаммоларини ҳал этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Айниқса, оилаларнинг ўз имконият ва салоҳиятидан келиб чиқиб, барқарор даромад манбаларини яратиш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар якуни бўйича аниқланган ҳар бир муаммо юзасидан тегишли масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, оилаларнинг даромадларини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда муаммоларнинг амалий ечими туман ҳокими томонидан шахсан назоратга олиниши таъкидланди.
Асосий мақсад — ҳар бир оилага индивидуал ёндашув асосида унинг имкониятларини ишга солиш, барқарор даромад манбаини шакллантириш ва муносиб турмуш шароитини таъминлашдир.





