Нуронийлар иштирокида маҳалладаги оилалар ҳолати ўрганилди
2026-09-12 12:05:00 / Янгиликлар

“Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими бошлиғи А.Носиров, жамғарманинг Бўка тумани бўлими бошлиғи А.Акмалов ва фаол нуронийлар билан биргаликда тумандаги Ачамайли маҳалласида бўлиб, ҳудудда нуронийларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, оилалар билан ишлаш ҳамда аҳоли ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида маҳалладаги хонадонлар хонадонбай ўрганиб чиқилди.
Жараёнда нуронийлар ҳар бир оила билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, турмуш шароити, бандлиги, даромад манбалари, оилавий муҳитидаги мавжуд муаммолар ҳамда қўллаб-қувватлашга бўлган эҳтиёжларини атрофлича ўргандилар.
Шунингдек, ҳаётий тажрибага эга нуронийларнинг оилалар билан ишлашдаги имкониятларидан самарали фойдаланиш, маҳаллада аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни касб-ҳунар ва меҳнатга йўналтириш, оилавий қадриятларни асраш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар натижасида ҳар бир оиланинг ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар белгилаб олинди.
Жумладан, ишсиз фуқароларни бандликка йўналтириш, касб-ҳунарга ўқитиш, оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни тегишли мутасадди ташкилотларга йўналтириш бўйича амалий вазифалар белгиланди.
Асосий мақсад — ҳар бир оиланинг муаммосини аниқлаш билан чекланиб қолмасдан, уни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашдир.
Бу борада нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси, маҳалладаги обрў-эътибори ва жамоатчиликдаги фаоллигидан самарали фойдаланиш, ёшлар тарбияси, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллада тинчлик ва тотувлик муҳитини қарор топтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.





