Ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилди
2026-08-27 18:30:00 / Янгиликлар
Бўка туманининг «Ўзбек» маҳалласида ёшлар билан очиқ ва самимий учрашув ташкил этилди.

Унда туман ҳокими Мурод Абдазимов, ҳоким ўринбосари Одил Дўжараев, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда «Маданият», «Ўзбек», «Янгихаёт» ва «Бунёдкор» маҳаллаларида яшовчи ёшлар иштирок этди.
Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтираётган масалалар, янги ғоя ва лойиҳалари, иш ва тадбиркорлик бўйича режалари билан ўртоқлашди. Ҳар бир мурожаат тингланиб, имконият даражасида амалий ечимлар юзасидан фикр алмашилди.
Айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳими, учрашув фақат суҳбат билан чекланиб қолмади. Ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатларни амалга ошириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ёшлар билан бундай очиқ мулоқотлар уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини жойида ҳал этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.









