Ижтимоий тармоқларда Бўка туманидаги фермер хўжалиги раҳбари томонидан режадан ортиқ етиштирилган ғалла ҳосилининг олиб қўйилаётгани юзасидан тарқалган видеомурожаат бўйича Бўка тумани ҳокимлигининг расмий муносабати
2026-07-01 15:05:00 / Расмий муносабатлар

Ўрганиш доирасида фермер хўжалиги билан тузилган шартномалар, ғалла етиштириш ва давлат хариди билан боғлиқ ҳужжатлар, ҳосил ҳажми, донни қабул қилиш жараёни, мазкур жараёнда иштирок этган ташкилотларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда амалдаги қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилгани ҳар томонлама, холис ва батафсил ўрганилади.
Шунингдек, фермер хўжалигининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлиши мумкин бўлган барча ҳолатлар, қабул қилинган қарорларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги ҳам таҳлил қилинади.
Бўка тумани ҳокимлиги фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларга йўл қўймаслик ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлашни устувор вазифалардан бири деб билади.
Ўрганиш якунлари бўйича қонунчилик талабларининг бузилиши аломатлари аниқланган тақдирда, тўпланган материаллар белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.
Агар видеомурожаатда баён этилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаса, бу ҳақда ҳам жамоатчиликка очиқ ва холис ахборот берилади.
Бўка тумани ҳокимлиги ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча маълумотни оммавий ахборот воситалари ҳамда расмий ахборот ресурслари орқали жамоатчилик эътиборига етказади.
