30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Бўка тумани ҳокими Исакулов Сардор Дададжановичнинг байрам табриги
2026-06-30 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз ва қадрли ёшлар!
Сиз, азизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз рўёбини, Янги Ўзбекистон келажагини бутун эл-юртимиз қатори сиздек азму шижоатли фарзандларимиз билан боғлиқ ҳолда кўрамиз. Шу боис, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама камол топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Бу эса маҳаллалардаги Президент вакиллари бўлган ёшлар етакчилари орқали йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
Айниқса, «Ёшлар дафтари» ҳамда «Ёшлар баланси» платформаси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларимиз натижасини ўғил-қизларимиз ўз ҳаётида яққол ҳис этмоқда.
Қадрли ўғил-қизларим!
Ёшлар – ҳар қандай миллат ва давлатнинг келажаги, тараққиёти ва эртанги кунини белгилаб берувчи буюк кучдир. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидорини намоён қилиши ва муносиб ҳаёт кечириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Туманимиз ёшлари ҳам илм-фан, спорт, маданият ва тадбиркорлик соҳаларида муносиб натижаларга эришиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
2026 йилда 8 нафар ёшимиз спортнинг турли йўналишлари бўйича халқаро ва республика мусобақалари ғолиби бўлди. Шунингдек, 7 нафар ёшимиз таълим ва маданият йўналишларида ўтказилган республика кўрик-танловларининг совриндори бўлди.
Жорий ўқув йилида мактабларимизни битирган ёшларнинг 11 нафари олтин, 3 нафари эса кумуш медаль билан тақдирланди. Яна 36 нафар ёшимиз муддатидан олдин талабалик бахтига муяссар бўлди.
Бўка ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиси Йўлдошева Ниҳола Муҳиддин қизининг Халқаро 15-қизлар математика олимпиадасида бронза медалини қўлга киритгани барчамиз учун фахр туйғусини уйғотди.
2026 йилда Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларининг футбол ва мини-футбол турлари бўйича Янги ҳаёт маҳалласи ёшлари вилоят босқичида ғолиб бўлиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Азиз ёшлар! Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, эзгу мақсадларингизга эришишда омад ва улкан зафарлар тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ёшлар!
