Бўка тумани — инвестициялар ва экспорт имкониятлари ҳудуди
2026-06-02 05:25:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда туманда экспорт географияси кенгайиб, Афғонистон ҳамда Жанубий Корея каби истиқболли бозорларга маҳсулот етказиб бериш йўлга қўйилмоқда. Экспорт ҳажмининг юқори ўсиш суръати ҳудуд корхоналарининг халқаро бозордаги рақобатбардошлиги ошиб бораётганидан далолат беради.
Шунингдек, Бўка тумани йирик инвестицион лойиҳалар марказига айланмоқда. Хитойнинг “Датанг” компанияси томонидан умумий қиймати 1510 миллион долларлик қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳасининг иккинчи босқичи ҳудуднинг “яшил энергетика” салоҳиятини янада мустаҳкамламоқда.
Туманда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда янги лойиҳаларни ишга тушириш учун ер майдонлари ва инфратузилма имкониятлари кенгайтирилган. Электрон онлайн-аукционлар орқали тадбиркорларга ажратилган ер майдонларида замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари шаклланмоқда.
Бўка тумани — қулай географик жойлашув, меҳнат ресурслари, қуёш энергетикаси салоҳияти ва экспорт имкониятлари билан хорижий инвесторлар учун ишончли ҳамкор ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
