Бўка далаларида ғалла мавсуми бошланди
2026-06-04 18:30:00 / Янгиликлар
Бўка туманида 2026 йил ҳосили учун етиштирилган ғаллани йиғиб-териб олиш ишлари бошланди. Шу муносабат билан ўрим-йиғим мавсумини намунали ташкил этиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда ҳосилни талафотларсиз йиғиб олиш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Тадбир давомида комбайнлар ва ташиш техникаларининг техник ҳолати, ўрим отрядларининг мавсумга тайёргарлиги, ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этилиши кўздан кечирилди. Мутасаддилар томонидан мавсумни қисқа муддатларда ва сифатли якунлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Жорий йилда туманда 15 минг гектар майдонда етиштирилган ғалла ҳосилини йиғиб олиш учун 39 та ўрим комбайни, 180 та транспорт воситаси жалб этилган. Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 39 та махсус отряд шакллантирилган.
Бўкалик миришкорларнинг фидокорона меҳнати туфайли бу йил ҳам хирмонлар баракага тўлиши кутилмоқда.








