Тадбиркорлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилди
2026-02-16 14:55:00 / Янгиликлар

Учрашувда Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш йўналишларида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда Президент Администрацияси масъул вакили А.Азизов, республика ишчи гуруҳи вакили Н.Қаюмов, Бўка тумани ҳокими С.Исакулов, тегишли корхона-ташкилотлар ва банклар масъуллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Мулоқот давомида ҳудудда бизнес муҳитини янада яхшилаш, инвестицияларни фаол жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, кредит ажратиш жараёнларини соддалаштириш, ер ва инфратузилма масалаларида амалий кўмак кўрсатиш, тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Тадбиркорлар томонидан йўлланган мурожаатлар тегишлилиги бўйича масъулларга йўналтирилиб, ҳар бир масала алоҳида назоратга олинди. Уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланди.
Учрашув якунида тадбиркорлар билан очиқ ва конструктив мулоқотларни тизимли равишда давом эттириш, жойларда сайёр қабуллар ташкил этиш ҳамда бизнес вакиллари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Бўка туманида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуд иқтисодиётини юксалтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.









