Мактабгача таълимга эътибор: “Ачамайли”да янгиланган болалар боғчаси фойдаланишга топширилди
2026-02-10 14:35:00 / Янгиликлар

Бугун мазкур 225 ўринли таълим масканининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Бўка тумани ҳокими С.Исакулов, Республика ишчи гуруҳи вакили Н.Қаюмов, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Қ.Оқилов, тегишли соҳа масъуллари, муассаса жамоаси ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Тадбир давомида туман ҳокими С.Исакулов сўзга чиқиб, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болалар учун яратилаётган замонавий шарт-шароитлар ҳамда таълим-тарбия сифатини ошириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Амалга оширилган ишлар давомида муассаса таъмирланиб, ўқув хоналари, ўйин ва дам олиш жойлари, ошхоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Болалар хавфсизлиги ва қулайлиги учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.
Мазкур ишлар мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, сифат кўрсаткичларини ошириш ҳамда ота-оналар учун янада қулай ва замонавий муҳит яратишга хизмат қилади.









