Фуқаролар мурожаатлари эътиборда: Бўкада “Халқ назорати” тизими кенг жорий этилмоқда
2025-12-24 13:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга асосан Тошкент шаҳрида амалиётга жорий этилган “Халқ назорати” электрон порталини Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларида кенг татбиқ этиш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Бўка туманида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Бўка тумани ҳокими Сардор Исакулов, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожлантириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Хусанжанов, шунингдек, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Семинар жараёнида “Халқ назорати” платформаси орқали мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш механизмлари, келиб тушаётган муаммоларни белгиланган муддатларда тезкор ва сифатли ҳал этиш, шунингдек, рақамли бошқарув воситалари орқали аҳолига очиқ ва самарали хизмат кўрсатиш масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбир якунида мазкур платформани ҳудудларда фаол қўллаш, мурожаатлар билан ишлаш масъулиятини кучайтириш ҳамда аҳолининг давлат бошқарувидаги иштирокини янада ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.









