Аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш бўйича ўқув семинари ташкил этилди
2025-12-02 14:30:00 / Янгиликлар

Бугун, 19-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида “Аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди. Мазкур семинар аҳолини ва қишлоқ хўжалиги субъектларини рўйхатга олиш жараёнларига пухта тайёргарлик кўриш, жойларда олиб бориладиган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда “маҳалла еттилиги” таркибига кирувчи масъуллар, тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида 2026 йилда ўтказилиши режалаштирилган аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларининг мазмун-моҳияти, рўйхатга олишнинг ҳуқуқий асослари, жараённинг босқичлари ҳамда ҳудудларда амалга ошириладиган амалий чора-тадбирлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, аҳолига рўйхатга олишнинг аҳамиятини етказиш, ахборот-тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди ҳамда келгусида амалга ошириладиган вазифалар бўйича тегишли тавсиялар билдирилди.
Мазкур ўқув семинар аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларини сифатли ва белгиланган тартибда ташкил этишга хизмат қилиши таъкидланди.




