Тартиб, тезкорлик ва масъулият: коммунал хизматларга қатъий ёндашув
2025-12-13 11:50:00 / Янгиликлар

Туман ҳокими Сардор Исакулов ҳамда ИИБ бошлиғи Алишер Ғуломов коммунал ташкилотларда ташкил этилган навбатчилик ва авария гуруҳларининг фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ўрганиш жараёнида авария гуруҳлари ходимлари учун яратилган меҳнат шароитлари, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, фавқулодда ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш учун зарур бўлган махсус техника ва қўшимча жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси атрофлича кўздан кечирилди.
Туман ҳокими Сардор Исакулов томонидан коммунал хизматлар аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган муҳим тизим эканлиги, ҳар қандай носозлик ёки авария ҳолатига тайёр туриш, мурожаатларга зудлик билан жавоб бериш ва аҳоли розилигини таъминлаш энг устувор вазифа бўлиши кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, ҳоким томонидан масъулларга ходимлар учун хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини яратиш, техника хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилиш, мавжуд техника ва жиҳозлардан самарали фойдаланиш, зарур ҳолларда уларни янгилаб бориш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Ўрганиш якунида коммунал хизматлар фаолиятини янада такомиллаштириш, хизматлар узлуксизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли мурожаатларига тезкор, сифатли ва тизимли ечимлар ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.









