«Сиёсий-маърифат соати» — долзарб масалалар муҳокамаси
2025-12-12 11:30:00 / Янгиликлар

Бўка тумани ҳокимлиги катта мажлислар залида навбатдаги «Сиёсий-маърифат соати» бўлиб ўтди. Ҳафталик ушбу учрашувда ҳоким ўринбосарлари, ташкилот раҳбарлари ва «маҳалла еттилиги» аъзолари иштирок этдилар.
Тадбирда ҳудудда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Бўка тумани ҳокими Сардор Исакулов аҳолининг ҳаёт даражасини оширишга қаратилган асосий вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, маҳаллалардаги муаммоларни жойида ўрганиш, инфратузилма ва ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш, солиқ тушумларини барқарор таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурининг амалий ижросини кучайтириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш топширилди.
Йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш ишларини тизимли давом эттириш ҳамда даврий нашрларга обуна кампаниясини самарали ташкил этиш масалалари ҳам алоҳида эътиборга олинди.
Йиғилиш якунида ҳоким Сардор Исакулов ҳар бир раҳбар ўз йўналишида аҳоли кайфияти, яшаш шароити ва эҳтиёжларини доимий назоратда олиб бориши — ҳудуд барқарорлиги ва тараққиётининг энг муҳим шартларидан бири эканини таъкидлади.









