Янги уй-жойга эга ёшларнинг қувончи
2025-10-08 15:55:00 / Янгиликлар

Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, Беруний тумани Инсон ижтимоий хизматлар маркази томонидан икки нафар вояга етган ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй берилди. Уларни турар жой билан таъминлаш, ҳаётга тайёрлаш ва қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугун Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари Д.Каримов ва “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими раҳбари Ф.Примов Президентимизнинг оталарча ғамҳўрлигининг намунаси бўлган уй-жойларни ўз эгаларига тантанали топширди. 19 ёшга тўлган Каримов Бехзод шинамгина уй-жойга эга бўлганидан хурсанд. Ҳуқуқшунослик йўналишида олий таълимга кириш истагида эканлиги, келажакда юртимизга фойдаси тегадиган кадр бўлиб етишиш нияти борлигини билдирди. Дилбар Кожанова 6 ёшида ота-онасидан айрилиб, бувисининг қарамоғида қолган. Тикувчилик ҳунарига қизиқади. Унга берилган уй барча замонавий шароитларга эга бўлиб, яшаш учун қулайликлар тўлиқ яратилган. Давлат раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган ғамҳўрлик ва эътибор учун ўз миннатдорчиликларини билдирди.




