Ўз касбининг фидоий ўқитувчиси Зулфия Сатимова фаолияти ҳақида
2025-09-30 19:15:00 / Янгиликлар

Беруний туманида 73 та умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд бўлиб, уларда 5.300 нафар педагоглар дарс беради. Туман марказидаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактаби 1979 йилда ташкил топган, мактабда ўзбек ва рус тилларида дарс берилади. 120 нафар ўқитувчилар ёшларга таълим-тарбия бериб, ўз билимларини ўргатиб келмоқда. Айниқса, кўп йиллик тажрибага эга фахрий устозларнинг малакаси ва дарс методикасидан фойдаланиш, таълим масканида йўлга қўйилган. Бугунги кун қаҳрамонимиз, фахрий устоз, ўз касбининг фидоийси Зулфия Сатимова. Математика фанидан 30 йилдан ортиқ мазкур мактабда рус синфларига сабоқ беради. Устоз ўзгача инсон дея сўз бошлади унинг шогирди ва касбдоши Лола Уразалиева “инсонийлиги, меҳр-оқибатлилиги, ҳаёт тажрибаси ва доим янгиликлар сари ҳаракат қилиб, ўқиб-ўрганишини ҳурмат қиламиз ҳамда унга ўхшашга интиламиз” дейди. Энг биринчи устози ўз онаси бўлган ва ундан билим сирларини ўрганиб ўқитувчилик касбини танлаган Зулфия опанинг қизи ҳам бугун онасининг изини босган. 1-октябр юртимизда улуғ ва шарафли касб эгаларининг байрами “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”. Байрам муносабати билан З.Сатимовани мактаб жамоаси, шогирдлари қизғин қутлади. Мактаб жамаосида 21 нафар олий тоифали, 19 нафар 1-тоифали ўқитувчилар фаолият юритади.Ўқувчилар ҳар йили фан олимпиадаларида иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келган. 2024-2025 ўқув йилида мактаб ўқувчилари хорижий тилларни ўқитишда энг яхши мактаб танловида туманда фахрли 1-ўринни эгаллаб, 100 миллион сум пул мукофотига эга бўлди. Албатта, бундай ютуқлар замирида ўқитувчининг илм йўлидаги фидоийлиги ётади. Таълим даргоҳидаги ўқувчисини фарзанди каби тарбиялаб, таълим бериб, катта ҳаётга топширар экан устознинг кўнглида фақат яхши ниятлар сараланади. Ҳар биримизга устоз бўлишдек улуғлик насиб қилсин деймиз. Байрамингиз муборак азиз устозлар!





