«Рақамли суд» концепцияси - судлар фаолиятида туб бурилиш.
2025-09-03 19:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 140-сонли Фармони судлар фаолиятидаги муҳим ҳужжат бўлди. Фармонда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланиб, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида «Рақамли суд» концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш; фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш; судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш; «Рақамли суд» концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадлари белгиланган.
Натижада, фуқаролар ёки тадбиркорлик субъектлари судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади; мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади; ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади; тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади; суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади; суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади; сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;
суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.
Бундан ташқари Фармонда судлар фаолиятини рақамлаштириш, судларда ишларнинг кўрилишини соддалаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига судларга мурожаат қилишда ҳамда ишларда қатнашишда кўпгина кулайликлар яратиш мақсадида кўплаб вазифалар белгиланган.
Худайберганова Рахима Балтабаевна
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси
