Оилавий ажрашишларнинг олдини олишда медиатив институтининг аҳамияти.
2025-08-28 18:45:00 / Янгиликлар

Оилавий ажрашишларнинг олдини олишда медиатив институтининг аҳамияти.
Мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган. Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларни тартибга солиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин, айни чоғда вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Аниқ мисоллар ёрдамида фикр юритадиган бўлсак, 2025 йилнинг биринчи ярми мобайнида фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро суди томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 337 та низо кўрилган. Шундан 210 та оила яраштириш имкони бўлмагани туфайли никоҳдан ажратилган, 39 та иш бўйича ярашувга эришилганлиги сабабли иш юритувдан тугатилган.
Ўтган йил мобайнида суд томонидан 72 та оилавий ажралишга оид даъво ажрашиш учун етарли асослар бўлмагани туфайли қаноатлантирилмасдан қолдирилган ва 49 та иш бўйича ярашувга эришилганлиги сабабли иш юритувдан тугатилган.
Албатта, жамиятнинг энг оғриқли муаммоси — ажрашган оилалар хусусида сўз борар экан, фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан мурғак қалб эгалари ҳаммадан кўпроқ азият чекади, кўнгли кемтик ҳолда улғаяди. Шуни тан олиш жоизки, маънан етук бўлмаган шахс ҳаётда ўз ўрнини топиш, касб танлаш, ижтимоий ҳаётга мослашиш, тенгдошлари, кенг жамоатчилик билан мулоқотга киришиш борасида кўп қийинчиликларга дуч келади.
Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, низолашаётган эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш бўлиб қўшилиши шубҳасиздир.
ФИБ Беруний туманлараро
судининг судьяси Д.Тураева
