КИБЕРФИРИБГАРЛИКДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!
2026-10-15 17:55:00 / брифинг
Бекобод тумани ИИБ бошлиғи иштирокида киберфирибгарликнинг олдини олиш, фуқароларнинг банк карталари ва шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш юзасидан брифинг ташкил этилди.
Ассалому алайкум, ҳурматли фуқаролар!
Бугунги кунда интернет ва мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётгани билан бир қаторда, киберфирибгарлик ҳолатлари ҳам учрамоқда. Фирибгарлар турли усуллардан фойдаланиб, фуқароларнинг ишончига кириш, банк карталаридаги маблағларни қўлга киритиш ва шахсий маълумотларини эгаллашга уринмоқда.
Шу боис, барчангизни интернет ва телефон орқали амалга ошириладиган фирибгарлик ҳолатларидан огоҳ бўлишга чақираман.
Биринчидан, ўзини банк ходими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили деб таништирган бегона шахсларга ишониб, банк картангиз маълумотлари, PIN-кодингиз ва SMS орқали келган тасдиқлаш кодларини берманг.
Иккинчидан, «Совға ютдингиз», «Сизга ёрдам пули ажратилди» каби хабарлар орқали юборилган шубҳали ҳаволаларни очманг. Улар шахсий маълумотларингизни қўлга киритиш учун тузилган бўлиши мумкин.
Учинчидан, Telegram ва бошқа мессенжерлар орқали келган номаълум APK, EXE ва ZIP файлларни текширмасдан юклаб олманг ёки ишга туширманг.
Тўртинчидан, қисқа муддатда катта даромад олишни ваъда қилувчи шубҳали инвестиция таклифлари ва молиявий пирамидалардан эҳтиёт бўлинг.
Бешинчидан, интернет орқали харид қилишда сотувчининг ишончлилигини текширинг. Товар ёки хизматни аниқламасдан туриб, номаълум шахсларга асоссиз равишда олдиндан пул ўтказманг.
Шунингдек, мобил қурилмаларингизни ҳимоя қилиш учун ишончли хавфсизлик воситаларидан фойдаланинг. Ҳар қандай иловани ўрнатишдан олдин унинг манбаси ва ишлаб чиқарувчисини текширинг.
Ҳурматли фуқаролар!
Унутманг, фирибгарлар кўпинча одамларни шошилтириш, қўрқитиш ёки осон даромад ваъда қилиш орқали чалғитади. Шундай вазиятларда шошилманг — маълумотни текширинг, яқинларингиз билан маслаҳат қилинг ва шубҳали ҳолатларда банкингизнинг расмий алоқа каналлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.
Огоҳлик ва ҳушёрлик — киберфирибгарликдан ҳимояланишнинг энг муҳим шартидир!
