Пахта парваришидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ўқув-амалий семинар ўтказилди
2026-06-15 11:50:00 / Янгиликлар
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳосилдорликни ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ҳамда экинларнинг фитосанитар ҳолатини яхшилаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бекобод тумани ҳудудидаги пахта майдонларида ғўза парваришида мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Унда фермер хўжаликлари раҳбарлари, агрономлар ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Бекобод тумани бўлими мутахассислари иштирок этди.
Семинар давомида пахта далаларида олиб борилган кузатувлар асосида аниқланган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, айрим майдонларда қатор ораларига ишлов беришни ўз вақтида ўтказиш, суғориш ва озиқлантириш тадбирларини белгиланган муддатларда амалга ошириш, бегона ўтлар ҳамда зараркунандаларга қарши кураш чораларини кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбирнинг амалий қисмида хитойлик агроном-мутахассис томонидан Хитой навли ғўзаларни парваришлаш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилди. Унда ўсимлик ривожланиш босқичларига мос озиқлантириш, намликни меъёрлаштириш, қатор оралари юмшоқлигини сақлаш ҳамда ҳосил элементларини асраш бўйича амалий тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутахассислари томонидан ғўза зараркунандалари ва касалликларига қарши замонавий кураш усуллари тушунтирилди.
Семинар давомида биологик ҳимоя воситаларидан фойдаланиш жараёни ҳам амалий тарзда намойиш этилди.
Тадбир якунида фермер ва мутахассисларга ғўза парваришини илмий асосда ташкил этиш, далаларда доимий мониторинг олиб бориш ҳамда агротехник тадбирларни сифатли амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.

