Бекобод туманида ОАВ вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди
2026-06-09 19:05:00 / ОАВ биз ҳақимизда
Бекобод туманида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур давомида ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тадбиркорлик лойиҳалари ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар билан яқиндан танишилди.
Пресс-турнинг илк манзили Сарюз маҳалласи бўлиб, бу ерда Президентимиз томонидан илгари сурилган «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида томорқа ва ижара ер майдонларида етиштирилган картошка ҳосилини йиғиб-териб олиш жараёнлари намойиш этилди.
Кейинги манзил Далварзин маҳалласи бўлиб, бу ерда оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, барқарор даромад топаётган тадбиркорлар фаолияти билан танишилди. Шунингдек, маҳалла марказида қад ростлаётган Ҳунармандлар маркази қурилиши ҳам кўздан кечирилди.
Шундан сўнг Назарбой маҳалласида зовур ёқаларидан самарали фойдаланиб, намунавий фаолият юритаётган тадбиркор тажрибаси ўрганилди.
Пресс-турнинг сўнгги манзили Ўзбекбалиқсаноат уюшмаси билан ҳамкорликда Фарҳод маҳалласида фаолият юритаётган «PAS TROUT» интенсив балиқчилик мажмуаси бўлди.
Мазкур лойиҳаларнинг барчаси Президентимиз ташаббуслари, оқилона сиёсати ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларининг амалий самарасидир. Яратилаётган янги иш ўринлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар халқни рози қилишга хизмат қилмоқда.

