"Омонхона" ва "Хўжамайхона" туризм марказларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишилди.
2025-07-11 17:25:00 / Янгиликлар
Туризм — замонавий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, айниқса тарихий ва табиий бойликларга эга Сурхондарё вилоятида бу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Бойсун туманига ташриф буюриб, "Омонхона" ва "Хўжамайхона" туризм марказларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишди.
"Омонхона" санаторийси замонавий дам олиш масканига айлантирилмоқда. Бу ерда янги бинолар, сайёҳлар учун меҳмон уйлари, инфратузилмалар барпо этилмоқда ва маҳаллий бозор реконструксия қилинмоқда. Лойиҳа тақдимоти ўтказилиб, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
"Хўжамайхона" дарасида эса янги туризм маркази қурилиши ўрганилди. Бу ерда сой ва дарё қирғоқлари мустаҳкамланиб, йўллар таъмирланмоқда, инфратузилма такомиллаштирилмоқда. Лойиҳа якунлангач, ҳудудда турли йўналишдаги сайёҳлик хизматлари йўлга қўйилади.
Барча ишлар белгиланган лойиҳа асосида, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.



