Лойиҳалар тақдимоти билан танишилди.
2025-06-27 22:25:00 / Янгиликлар
Бойсун туманида жойлашган, шифобахш булоқлари ва бетакрор табиати билан машҳур "Омонхона" қишлоғи — сўнгги йилларда юртимиз ҳамда хориждан келаётган сайёҳларни ўзига жалб қилаётган туризм масканларидан биридир. Айниқса, тиббий туризмга бўлган талаб ортиб бораётгани сабабли бу ҳудудга ташриф буюрувчилар сони йил сайин ошиб бормоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов мазкур ҳудудга ташриф буюриб, санаторий инфратузилмасини такомиллаштириш, хизмат сифатини ошириш ҳамда уни йил давомида фаолият юритадиган масканга айлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Лойиҳа доирасида 200 ўринли янги дам олиш маскани ва замонавий ошхона қурилиши бошланди. Умумий қиймати 80 миллиард сўмдан ортиқ бўлган ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида санаторийнинг хизмат кўрсатиш салоҳияти 4 баробарга ошади ва ташриф буюрувчилар учун барча зарур қулайликлар яратилади.
Ташриф доирасида вилоят раҳбари ҳудуддаги меҳмон уйлари ва мавжуд шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, мутасаддиларга йўл ва алоқа тармоқларини янгилаш, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, қўшимча хостел ва меҳмон уйлари барпо этиш орқали ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ошириш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.



