ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-10-17 14:05:00 / Янгиликлар
БОЙСУНДА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Бугун Бойсун тумани ҳокимлиги мажлислар залида чорва фермер хўжаликлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда чорвачилик соҳасига оид қарорларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг ижросини таъминлаш ҳамда соҳани янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишни туман ҳокими ўринбосари М.Қодиров олиб борди. Унда қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, кадастр ва банк масъуллари, шунингдек, прокуратура ҳузуридаги Департамент вакили иштирок этди.
Муҳокамалар давомида чорвачиликни ривожлантириш, яйловлардан самарали фойдаланиш, фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда Мўғулистон давлатидан қўй олиб келиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Департамент вакили Мўғулистондан қўй олиш учун кредит ажратиш жараёнида бюрократик тўсиқлар юзага келган тақдирда, фермерларга амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Якунда масъул ташкилотларга белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, фермер хўжаликларида мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.



