БИЗ ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИМИЗ!
2026-10-16 18:25:00 / Янгиликлар
БИЗ ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИМИЗ!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 6-майдаги ПФ–73-сон ҳамда 2025-йил 3-ноябрдаги ПФ–207-сон фармонлари ижросини таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2026-йил 30-сентябрдаги 307-сонли ҳамда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг 2026-йил 1-октябрдаги 113-сонли фармойишлари ижроси доирасида 1-октябрдан 1-ноябрга қадар вилоят ҳудудида "Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш" комплекс тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида бугун Бойсун тумани ҳокимлигида "Биз гиёҳвандликка қаршимиз!" шиори остида тарғибот тадбири ва давра суҳбати ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Б. Шукуров, туман ИИБ бошлиғи Ф. Муртазоев ҳамда туман адлия бўлими бошлиғи Н. Мамадиев иштирок этиб, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, руҳий ҳолати ҳамда жамият ҳаётига салбий таъсири ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Давра суҳбати давомида гиёҳвандликка ружу қўйишнинг аянчли оқибатлари, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари, шунингдек, ёшларни зарарли иллатлардан асрашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт ва фойдали машғулотларга кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш муҳимлиги таъкидланди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, мавзу юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Зеро, гиёҳвандликка қарши курашиш ва ёш авлодни ушбу иллатдан ҳимоя қилиш — барчамизнинг умумий вазифамиз. Соғлом, билимли ва юксак маънавиятли ёшлар мамлакатимизнинг порлоқ келажаги ва мустаҳкам таянчидир!



