РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-09-21 09:40:00 / Расмий муносабат ва баёнотлар
Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги 60-мактаб қурилиши учун еримни бердим” сарлавҳаси остида тарқалган видеомурожаат юзасидан Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқиб, қуйидагилар аниқланди.
Ўрганиш давомида, Бойсун тумани, Ғаза МФЙ, Қоровултепа кўчаси, 5-манзилда жойлашган ер майдонидан фуқаро Б.П. томонидан фойдаланиб келинганлиги, бироқ мазкур ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.
Шунингдек, фуқаро мазкур ер майдони бўйича Давлат кадастрлари палатасининг “Кўчмас мулк-3” маълумотлар базасида солиқ тўловчи сифатида қайд этилганлиги маълум бўлди. Бироқ солиқ тўловчи сифатида ҳисобда туришнинг ўзи ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланмайди.
Ҳозирги кунда мазкур ер майдонида 60-сонли умум таълим мактаби биносига нисбатан Сурхондарё вилояти ҳокимининг 2024-йилдаги қарорига асосан қурилган мактаб биносига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган ва ҳозирда, ушбу ер участкасидан амалда мактаб таълим муассасаси эҳтиёжлари учун фойдаланиб келинмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, кўчмас мулк ёки ер участкасидан солиқ тўлаб фойдаланиб келиш ушбу обектга нисбатан мулкий ёки ерга бўлган ҳуқуқнинг давлат томонидан эътироф этилганлигини англатмайди. Ер участкасига бўлган ҳуқуқ тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг юридик кучга эга бўлади.

