Расмий муносабат
2026-09-17 10:25:00 / Расмий муносабат ва баёнотлар
Расмий муносабат
Бойсун тумани “Хўжаидод” маҳалласи ҳудудидаги ички йўлларни асфалтлаш ишлари юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаат бўйича ҳолат туман ҳокими ўринбосари Оятулло Азизов бошчилигида масъуллар ҳамда фуқаролар иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш давомида мазкур ҳудуддаги ички йўлларни асфалтлаш ишлари тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётгани аниқланди. Лойиҳа ҳужжатларида йўл қопламасини совуқ асфалт усулида бажариш белгиланган.
Мазкур усулнинг танланишига обектнинг асфалт-бетон аралашмаси ишлаб чиқариш базасидан қарийб 90 километр узоқликда жойлашгани ҳамда ушбу масофанинг асосий қисми тоғли ва довонли ҳудудлардан ўтиши сабаб бўлган. Мураккаб тоғли йўл шароитлари туфайли йўл қурилишида фойдаланиладиган айрим махсус техникаларни, хусусан, асфалт ётқизувчи махсус техникани обектга олиб бориш имконияти чекланган.
Шу сабабли лойиҳа ҳужжатларида белгиланган технологик ечим асосида ишларни босқичма-босқич амалга ошириш йўлга қўйилган.
Видеомурожаатда кўрсатилган асфалтланмаган йўл қисми ҳам ўша вақтда иш жараёнида бўлган. Мазкур қисмда зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилгач, кейинги босқичда асфалтлаш ишлари бажарилмоқда.
Айни пайтда ҳудуддаги йўлни асфалтлаш ва ободонлаштириш ишлари тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда белгиланган технологик талаблар асосида давом эттирилмоқда. Ишларнинг сифатли ва тўлиқ якунланиши масъуллар томонидан назоратга олинган.
Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқ фаолларидан фуқаролар томонидан билдирилган мурожаат ва эътирозларни ёритишда ҳолатни жойига чиққан ҳолда атрофлича ўрганиш, масъуллардан тегишли маълумотларни олиш ҳамда тасдиқланмаган хулосалар асосида асоссиз ахборотлар тарқатмаслик сўралади.



