Расмий муносабат
2026-09-16 15:50:00 / Расмий муносабат ва баёнотлар
Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Бойсун тумани Пойгабоши маҳалласида яшовчи фуқаро Акмал Ахатов томонидан йўлланган видео мурожаат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Фуқаро Акмал Ахатовнинг аввал вилоят ва туман ҳокимларининг шахсий қабулларида қилган мурожаатлари белгиланган тартибда ўрганилган ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўрилган. Хусусан, фуқаронинг соғлиғини тиклаш мақсадида бепул дори-дармон воситалари, оилавий шароитини инобатга олган ҳолда уй-жойини таъмирлаш учун зарур қурилиш материаллари ажратилган.
Шунингдек, фуқаро Акмал Ахатовга 2 миллион 200 минг сўм миқдорида моддий ёрдам ҳамда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти томонидан 823 минг сўм миқдорида молиявий кўмак кўрсатилган.
Фуқаронинг мурожаатлари юзасидан туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар томонидан амалий ёрдам кўрсатилгани ҳамда мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилгани маълум қилинади.
Шу билан бирга, Акмал Ахатов томонидан 2026-йил июн ойининг охири ва июл ойининг бошларида “Фаcебоок” ижтимоий тармоғида Бойсун тумани ҳокимининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи, суд ҳужжатларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган деб баҳоланган маълумотлар тарқатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда кўрилган иш натижасига кўра, 2026-йил 7-сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг қарорига мувофиқ, фуқаро Акмал Ахатовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли нормалари асосида жарима жазоси тайинланган.
Фуқаролардан ижтимоий тармоқларда маълумот ва мурожаатларни эълон қилишда холислик ва масъулият тамойилларига риоя қилиш, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик, шунингдек, бошқа шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ахборотларни жойлаштиришдан тийилиш сўралади.
Бойсун тумани ҳокимлиги фуқароларнинг қонуний мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва қонун доирасида амалий ечим топиш бўйича ишларни изчил давом эттиради.
