РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-06-27 19:25:00 / Расмий муносабат ва баёнотлар
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларда "Омонхона" қишлоғида Zipline
аттраксионидаги видеомурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
2026-йил 27-июн куни соат 09:50 да Бойсун тумани Инкабод маҳалласида жойлашган Омонхона қишлоғида янгидан фаолият бошлаган Zipline
аттраксионидан фойдаланаётган фуқаро техник тўхталиш сабабли қисқа вақтга ҳавода қолиб кетган. Ушбу ҳолат аттраксионида техник синов жараёни давом этаётган вақтда юз берган.
Аниқланишича, фуқаро ўз хоҳишига кўра мазкур аттраксиондан фойдаланган. Ҳаракат давомида финиш нуқтасига тахминан 20–25 метр қолганда у техник сабабларга кўра 30 сония тўхтаб қолган. Шундан сўнг аттраксион масъуллари томонидан белгиланган хавфсизлик тартибларига мувофиқ махсус арқон ёрдамида фуқаро хавфсиз тарзда ерга туширилган.
Мазкур ҳолат оқибатида фуқаро тан жароҳати олмаган, соғлиғи ва руҳий ҳолати қониқарли эканлиги аниқланган.
Воқеа юзасидан зудлик билан ҳодиса жойига Бойсун тумани прокурори, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, етиб бориб, ҳолатни ўрганган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Фуқаролардан тасдиқланмаган ёки воқеликни бузиб кўрсатувчи хабарларга эмас, балки расмий манбаларда эълон қилинаётган ахборотларга таянишларини сўраймиз.
