Суд тизимида янги назорат механизми
2026-06-11 14:00:00 / Янгиликлар
Суд тизимида янги назорат механизми: шаффофлик ва ҳалолликни таъминлашнинг қўшимча кафолати
Президент Фармони билан суд тизимида коррупсиявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Шу мақсадда Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизмати ташкил этилиши белгиланган.
Мазкур хизмат суд аппарати ходимлари фаолиятида коррупсиявий хавфларни аниқлаш ва баҳолаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, қонунчилик ва касб этикаси талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.
Фармонга мувофиқ, суд аппарати ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига тегишли даромад ва мол-мулк тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш тизими жорий этилади. Бу орқали манфаатлар тўқнашуви ва коррупсиявий хавфларни эрта босқичда аниқлаш имконияти кенгаяди.
Шунингдек, суд тизимига ишга қабул қилинаётган номзодларнинг касбий ва шахсий сифатлари, ҳалоллиги ҳамда коррупсияга қарши барқарорлиги баҳоланади. Суд аппаратига ишга қабул қилиш жараёнлари очиқ танлов ва меритократия тамойиллари асосида ташкил этилади.
Яна бир муҳим жиҳат — коррупсия ва қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилади, фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналлари яратилади.
Кўзланган асосий мақсад — суд тизимида шаффофлик, ҳалоллик ва қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишдан иборат.

