Ишсиз ёшларнинг Термиз давлат университетига ташрифи ташкил этилди
2026-01-21 22:15:00 / Янгиликлар
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Бойсун туманига ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ, тумандаги 45 нафар ишсиз ёшларнинг Термиз давлат университетига ташрифи ташкил этилди.
Ташриф давомида ёшлар университетда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Жумладан, университет кутубхонаси, унда фаолият юритаётган музей ҳамда Ахборот-кутубхона марказига ташриф буюрилди. Кун якунида ёшлар университет спорт залида бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида волейбол ўйинида иштирок этиб, мароқли ҳордиқ чиқардилар.
Шунингдек, уч кун давом этган ташриф дастури доирасида ёшлар учун касбга йўналтириш, компютер саводхонлиги, сунъий интеллект асослари, бизнес-режа тузиш ва иқтисодий билимлар, хорижий тилларни ўрганиш методологияси ҳамда психология йўналишлари бўйича амалий ва назарий машғулотлар ташкил этилди.
Мазкур ташриф ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни касбга йўналтириш ҳамда келгусида бандлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.






