Умр заволи
2026-01-10 08:50:00 / Янгиликлар
Ким боласига ёмон бўл, деб тарбия беради!? Ким унинг ҳаёт гули эрта сўнишини, умри мазмунсиз, қабоҳат ва разиллик ичида ўтишини хоҳлайди!? Албатта, ҳеч ким. Аммо бугун қонун олдида қилмишларига иқрор бўлиб, жазо сари етакланаётган йигитларни кўрсам, “фарзандига ёмонликни истамасада, унга яхшиликни ҳам раво кўрмаганлар бор экан”, деган хулосага келаман. Жигарига, нури дийдасига “ёмон бўл” демасада, уни ёмонликдан қайтармаганлар, яхшилик йўлига бошламаганлар борлигига яна бир карра амин бўламан.
Қуйидаги жиноят иши материалларида ҳам ана шундай аянчли тақдирларни кўрамиз.
Жамшид Эргашев, Даврон Маҳмудов, Илҳом Раҳимов, Саидбек Каримов (исм-фамилиялар ўзгартирилган). Каттасининг ёши 30, қолганлари 25-26 яшар йигитлар. Суд ҳукмига кўра Жамшид 11 йилга, Даврон 10 йил 6 ой, Илҳом 8 йил, Саидбек эса 9 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилдилар. Даврондан бошқаси ҳали оила қуриб, фарзандли ҳам бўлишмаган. Демак, энди уларнинг ота-оналари фарзандларининг қайтиши умидида йиллар санаб кутадилар. Омонат дунёда улар дийдорлашгунча соғ-омон бўлишса, яхшику-я, аммо...
Гарчи бу йигитларнинг ҳаммалари битта жиноий тўда сифатида жазога тортилмаган бўлишса-да, уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларида бир умумийлик бор — барчаси заҳри қотил, гиёҳванд моддалари олди-сотдиси билан шуғулланганлар.
Шерободлик Жамшид қўшни Узун туманидаги “Қумқишлоқ” ҳудудида 12000 АҚШ долларига терговда шахси аниқланмаган Тожикистон фуқаросидан ярим килограмм “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиб олади. Бир ой давомида харидор излайди, бу вақтда модданинг бир қисмини ўзи ҳам истеъмол қилади. 2025 йилнинг 14 мартида Жамшид молига харидор топгандек бўлади. Олди-сотдини Шеробод шаҳрида амалга оширишга келишилади. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Жамшидни харидорга етмасидан олдин қўлга оладилар. Унинг ёнидан
295 грамм “опий” топилади.
Даврон Маҳмудов ҳам ҳалол меҳнат йўлидан адашиб, осон пул изида кетган пайтда қонун қўлига тушди. У “Дилшод” исмли мижозга 2000 000 сўм эвазига “героин” сотаётган фурсатда ушланди. Унинг ёнидан жами 0,8 грамм гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Тергов давомида Даврон мунтазам равишда гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланиб келгани маълум бўлди.
Илҳом ва Саидбекни ҳам шу нафс балоси, ҳаром йўлдан топиш иллати боғлаб турган. Улар дастлаб Термиз туманидаги “Қорасув” қишлоғи яқинида ўсиб турган “марихуана” ўсимлигининг етилишини кутадилар. Пишиб етилгач, уни териб олиб офтобда қуритадилар. Баргларини майдалаб, бир неча марта чекиб кўрадилар. Кейин, уни сотиб пул қилиш нияти билан Термиз шаҳрига келадилар. Аммо, уларни ҳуқуқ посбонлари 6 та гугурт қутисига жойланган “марихуана” билан ушлайди.
Кўриниб турибдики, бу оғуфурушлар қилмишларини онгли равишда, ақл-ҳушлари жойида бўла туриб содир этганлар. Демак, улар билиб-била туриб, ажал уруғини сотганлар, тарқатганлар, одамзотга ёмонлик қилганлар. Улар орқали тарқалган заҳр кимларнингдир ҳаётини вайрон этгани, вужудини ва руҳини заҳарлагани аниқ.
Хўш, оқибат-чи? Оқибат ҳам тақдирнинг ёзмиши каби бўлди. Ўзгалар ҳаётини заҳарлаганлар ўз умрларининг баҳорини, навқиронлигини ҳам заволга етказдилар. Йигитлик даврини ёр-дўстлар ичида эмас, маҳкумликда, панжара ортида ўтказишади.
Гап энди шундаки, улар қачон ўз хатоларини англаб, ҳаётнинг ҳақиқий мазмунини тўғри тушунадилар. Зеро, тўғри ва ҳалол йўлга кириш учун ҳали имконият бор — фақат англаш, пушаймон ва ниятнинг тозалиги керак.
ХУРШИД УМБАРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг раиси

