"Жасорат дарси" ўтказилди.
2025-12-23 16:30:00 / Янгиликлар
Бойсун туманидаги 6-сон умумтаълим мактабида ташкил этилган "Жасорат синфи"да ўқувчи ёшлар билан "Келажакни мардлар, тарихни ғолиблар яратади" мавзусида "Жасорат дарси" ўтказилди.
Мазкур дарс ёш авлодда ватанпарварлик, жасорат, матонат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, Ватан ҳимоячиларига бўлган ҳурмат ва эътиборни янада ошириш мақсадида ташкил этилди.
"Жасорат дарси" давомида ўқувчиларга жасорат, мардлик ва юртга садоқат ҳақида мазмунли маърузалар ўқилди, тарихимизда ўчмас из қолдирган қаҳрамонлар ҳаёти ва жасорат йўли ҳақида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
Ўқув дарси жараёнида ўқувчиларнинг фаоллиги алоҳида эътироф этилди, уларга келажакда ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, Ватан равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилиш зарурлиги уқтирилди.
Мазкур "Жасорат дарси" ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва масъулият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.



