Расмий муносабат билдирилди
2025-12-19 22:35:00 / Расмий муносабат ва баёнотлар
Электр таъминоти билан боғлиқ вазият юзасидан расмий муносабат билдирилди
Сўнгги кунларда айрим оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда бир қатор ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти расмий муносабат билдирди
Маълум қилинишича, айни пайтда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларининг электр энергиясига бўлган талаби ортиб, электр тармоқларига тушаётган юклама сезиларли даражада ошган. Айрим ҳудудларда мавжуд электр тармоқлари юқори юкламага яқин режимда ишламоқда.
Шу муносабат билан электр ускуналари ҳамда тақсимлаш пунктларида авариявий ҳолатлар юзага келмаслиги, тармоқларнинг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида зарур техник ва профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, республиканинг айрим ҳудудларида кузатилган қор ёғиши оқибатида электр тармоқларида носозликлар қайд этилган. Юзага келган авариявий ҳолатлар тезкор чиқиш бригадалари томонидан ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан бартараф этилган. Қатор ҳудудларда эса қалин қор ва юқори намгарчилик сабаб таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бугун ҳам давом эттирилган.
Жамият маълумотига кўра, ижтимоий тармоқларда айрим истеъмолчилар томонидан билдирилган “суткалаб электр таъминотида узилишлар” ҳақидаги хабарлар расмий равишда тасдиқланмаган. Ушбу хабарларда келтирилган манзиллар юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилиши маълум қилинди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун аҳолидан узр сўраб, барча мурожаатлар тезкор тарзда кўриб чиқилаётганини, муаммоли ҳудудларда носозликларни бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлади.

