🇺🇿 БИР ВАТАН, БИР ЭЛ, БИР БАЙРОҚ! Бандихонда Ватан байроғи қалбларни бирлаштирди!
2026-11-11 10:00:00 / Янгиликлар

18-ноябр — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остидаги байроқ эстафетаси Сурхондарё вилоятида ҳам кенг давом этмоқда.
Ушбу эзгу ташаббус доирасида бугун Бандихон туманида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 35 йиллиги муносабати билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида юриш марафони ҳамда “Бир байроқ эстафетаси” автокарвони ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари қўлларида ҳилпираган давлат байроғи билан Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини намоён этдилар.
Шундан сўнг, тумандаги 9-сон маданият марказида тадбирнинг маданий-маърифий қисми бўлиб ўтди. Унда маданият маркази хонандалари томонидан ватан, тинчлик ва истиқлолни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди, давлат байроғига бағишланган бадиий чиқишлар намойиш қилинди.
🇺🇿 Давлат байроғи — халқимизнинг ғурури, миллий ифтихори ва озодлигимиз тимсолидир! Унинг ҳар бир ҳилпирашида ватан шаъни, аждодлар мероси, бугунги тинч ҳаётимиз ва ёруғ келажагимиз мужассам.
Мазкур тадбир халқимиз ўртасида дўстлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш ҳамда давлат рамзларига бўлган юксак ҳурматни қарор топтиришга хизмат қилди.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









