ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДАГИ ФИДОЙИЛИК — ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ!
2026-11-11 17:00:00 / Янгиликлар

Халқимиз азалдан шифокорларни инсон ҳаётини асраб-авайловчи, дардга дармон, кўнгилларга таскин берувчи энг мўътабар касб эгалари сифатида қадрлаб келади. Зеро, оқ халат кийган фидойи инсонларнинг меҳнати ортида минглаб инсонларнинг соғлиғи, ҳаёти ва оилалар қувончи мужассам.
Ҳар йили ноябр ойининг иккинчи якшанбасида юртимизда Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланади.
Ушбу сана муносабати билан Бандихон туманидаги “Қадам” тантаналар саройида тиббиёт соҳаси вакиллари учун кўтаринки руҳдаги байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими Абдумалик Алламурадов иштирок этиб, соҳа ходимларини касб байрами билан самимий табриклади. Шунингдек, уларнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳаётини асраш ва тиббий хизмат сифатини ошириш йўлидаги фидокорона меҳнатига алоҳида тўхталиб ўтди.
Байрам муносабати билан соғлиқни сақлаш тизимида самарали меҳнат қилиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва ўз фаолиятида намуна кўрсатиб келаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари Бандихон тумани ҳокимлиги ҳамда тиббиёт бирлашмасининг нинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам шукуҳи куй-қўшиқлар, самимий табриклар ва кўтаринки кайфият билан давом этди. Туман маданият бўлими санъаткорларининг дилрабо чиқишлари оқ халатли инсонларга унутилмас таассурот ва хушкайфият улашди.
Инсон саломатлиги йўлида тун-у кун хизмат қилаётган барча тиббиёт ходимларига таъзим!
Сизларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатингиз, меҳрингиз ва фидойилигингиз ҳар қанча эътирофга муносиб.
Касб байрамингиз муборак бўлсин, азиз саломатлик посбонлари!
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









