ЖАДИДЛАР ИЗИДАН — МАЪРИФАТ ВА ТАРАҚҚИЁТ САРИ! 🇺🇿 Бандихонда «Жадидлар изидан» республика танловининг туман босқичи ўтказилди
2026-10-23 08:00:00 / Янгиликлар

Аждодлар меросини ўрганиш— ўзликни англаш, тарихдан сабоқ олиш ва келажакни билим билан қуриш демакдир!
Бандихон туманида ёш авлод қалбида миллий қадриятларга ҳурмат, тарихий хотирага садоқат ва маърифатпарвар аждодларимиз меросига қизиқишни кучайтириш мақсадида «Жадидлар изидан» республика танловининг туман босқичи ташкил этилди.
Икки тоифа — 6–7-8-синф ҳамда 9–10-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган танловда ёшлар ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиб, жадид боболаримизнинг бой маънавий мероси, илм-маърифат ва тараққиёт йўлидаги эзгу ғоялари ҳақидаги билимларини синовдан ўтказдилар.
ЯКУНДА ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ!
🥇 6–7-8-синфлар ўртасида:
22-мактаб ўқувчиси Шоимова Муслима фахрли 1-ўринни эгаллади.
🥇 9–10-синфлар ўртасида:
31-мактаб ўқувчиси Дониёрова Зебузарлар 1-ўринга сазовор бўлди.
Ҳар икки ғолиб ҳам танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Танлов якунида ғолиб ўқувчилар «Келажак маркази»нинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жадид боболаримиз илмни нажот, маърифатни тараққиёт калити деб билдилар. Бугун уларнинг эзгу орзуларини давом эттириш, китоб ўқийдиган, мустақил фикрлайдиган ва юксак мақсадлар сари интиладиган авлодни тарбиялаш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиздир.
Вилоят босқичига йўлланма олган ўқувчиларимизга омад ва зафарлар тилаймиз! Аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, янги марраларни забт этинг!
🔊Эслатиб ўтамиз Бандихон туманида ушбу танловда жами 45 та мактабдан 90 нафар ўқувчилар иштирок этди.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









