КИБЕРЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА КИБЕРХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ-ДАВР ТАЛАБИ
2026-10-14 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳозирги вақтда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши, интернет тармоғи ва электрон хизматлардан фойдаланиш кўламининг кенгайиши жамият ҳаётида катта қулайликлар яратмоқда. Рақамли муҳит шахснинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш учун катта имкониятлар яратса-да, айни вақтда турли киберхавфларга ҳам дучор қилиши мумкин. Чунки, жаҳонда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар ва кибержиноятчилик билан боғлиқ хавфлар ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, интернет орқали фирибгарлик қилиш, шахсий маълумотларни ноқонуний қўлга киритиш, банк карталари маблағларини ўзлаштириш, ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар орқали фуқароларни алдаш каби ҳолатлар киберхавфсизликни таъминлаш масаласининг муҳимлигини кўрсатади.
Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш ва аҳолининг интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш шароитида кибержиноятчиликнинг олдини олиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, банклар, телекоммуникация операторлари ва фуқароларнинг ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга.
Аввало кибиржиноятчилик тушунчасига тўхталиб ўтсак.
Кибержиноятчилик — ахборот технологиялари, компьютер тизимлари, интернет тармоғи ва электрон қурилмалардан фойдаланиш орқали содир этиладиган жиноий қилмишлар мажмуидир. Бундай жиноятлар фуқароларнинг шахсий ва молиявий манфаатларига, ташкилотларнинг ахборот тизимларига ҳамда давлатнинг рақамли инфратузилмасига зарар етказиши мумкин.
Кибержиноятчиликнинг кенг тарқалган кўринишлари булар:
-Интернет-фирибгарлик. Фуқароларни сохта эълонлар, ёлғон ваъдалар ёки қалбаки интернет-дўконлар орқали алдаш.
-Фишинг ҳужумлари. Сохта веб-сайтлар, электрон хатлар ва хабарлар орқали логин, парол, банк картаси маълумотлари ёки тасдиқлаш кодларини қўлга киритиш.
-Банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик. Фуқароларнинг ишончига кириш орқали пул маблағларини ноқонуний ечиб олиш ёки ўтказиш.
-Аккаунтларни бузиб кириш. Ижтимоий тармоқлар, электрон почта ва бошқа ахборот тизимларига рухсатсиз кириш.
-Зарарли дастурлардан фойдаланиш. Қурилмаларга зарар етказиш, маълумотларни ўғирлаш ёки улардан фойдаланиш имкониятини чеклаш.
-Шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш. Фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни рухсатсиз йиғиш, сақлаш ёки ошкор қилиш.
Мазкур жиноятлардан ҳимояланиш учун уларнинг усулларини билиш, хавфли вазиятларни ўз вақтида аниқлаш ва зарур эҳтиёт чораларини кўриш лозим.
Ўзбекистонда киберхавфсизликни таъминлаш ва ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган жиноятларга қарши курашишнинг ҳуқуқий ҳамда ташкилий механизмларини такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2022 йил 15 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-764-сон «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Қонун киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 мартдаги ПФ-38-сон Фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Киберхавфсизлик стратегияси тасдиқланган. Унда миллий кибербарқарорликни мустаҳкамлаш, муҳим ахборот инфратузилмасини ҳимоя қилиш, кибертаҳдидларни эрта аниқлаш, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва аҳолининг киберсаводхонлигини ошириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Мазкур ҳужжатлар киберхавфсизликни таъминлашда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар масъулиятини ошириш ҳамда аҳолида хавфсиз рақамли хулқ-атворни шакллантириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридгилдардан келиб чиқиб, ёшлар ўртасида кибержиноятчиликнинг олдини олиш учун чора-тадбирлар белгилаб олиш зарур бўлади.
Чунки, бугунги кунда ёшлар таълим олиш, мулоқот қилиш, ахборот излаш ва турли хизматлардан фойдаланишда интернет имкониятларидан кенг фойдаланмоқда. Рақамли муҳит ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш учун катта имкониятлар яратса-да, айни вақтда уларни турли киберхавфларга ҳам дучор қилиши мумкин.
Шу сабабли ёшлар ўртасида кибержиноятчиликнинг олдини олиш, интернетдан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ва рақамли маданиятни юксалтириш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Ёшлар ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар, фирибгарлик хабарлари, шахсий маълумотларни тарқатиш, кибербуллинг ва зарарли ҳаволалар билан боғлиқ хавфларга дуч келиши мумкин. Айрим ҳолларда улар ўз аккаунтларини ҳимоя қилиш қоидаларини билмагани сабабли шахсий маълумотларини йўқотиши ёки фирибгарлик қурбонига айланиши эҳтимоли мавжуд.
Бундан ташқари, бошқа шахсларнинг аккаунтларига рухсатсиз кириш, шахсий ёзишмаларни тарқатиш ва интернетда таҳдид қилиш каби ҳаракатлар ҳам ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ёшлар ўртасида киберхавфсизликни таъминлаш учун таълим муассасаларида тушунтириш ишларини мунтазам ташкил этиш зарур. Дарслар ва амалий машғулотларда паролларни ҳимоя қилиш, шубҳали хабарларни аниқлаш, шахсий маълумотларни сақлаш ва интернетдаги ҳуқуқий масъулият масалаларига эътибор қаратилиши лозим.
Ота-оналар ҳам фарзандларининг рақамли муҳитдаги фаолиятига бефарқ бўлмаслиги, хавфли вазиятларда уларга ёрдам бериши ва интернетдан масъулиятли фойдаланиш бўйича намуна кўрсатиши керак.
Ёшларнинг рақамли саводхонлигини оширишда оммавий ахборот воситалари, маҳаллалар, таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Ёшлар ўртасида кибержиноятчиликнинг олдини олиш фақат техник ҳимоя воситалари билан чекланмайди. Бу жараёнда ҳуқуқий билим, ахборотни танқидий баҳолаш, шахсий масъулият ва рақамли одоб қоидалари муҳим ўрин тутади. Киберхавфсизлик маданиятига эга ёш авлодни тарбиялаш мамлакатнинг хавфсиз рақамли келажагини таъминлашга хизмат қилади.
Кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш фақат жиноят содир этилганидан кейин чора кўриш билан чекланмаслиги керак. Энг аввало, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолини хабардор қилиш ва ахборот тизимларини ҳимоялашга қаратилган профилактик чораларни кучайтириш зарур.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозим-ки, кибержиноятчиликнинг олдини олишда давлат органларининг саъй-ҳаракатлари билан бир қаторда жамиятнинг фаол иштироки ҳам талаб этилади. Давлат ташкилотлари профилактик тадбирларни мувофиқлаштириши, банклар мижозларнинг маблағларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтириши, телекоммуникация операторлари эса фирибгарликда фойдаланилаётган рақамлар ва алоқа каналларига нисбатан қонунчилик доирасида чора кўриши лозим.
Жиноят ишлари бўйича
Бандихон туман судининг раиси О.Каримов
