АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ ЭЪЗОЗДА, ЭЗГУЛИК ЁЪЛИДА ЭЛ БИР!
2026-10-13 09:00:00 / Янгиликлар

Бандихонда савобли иш йўлида ёшлар ва нуронийлар бирлашди.
Яхшиликнинг чегараси йўқ, аждодлар хотирасига ҳурмат эса халқимизнинг азалий қадриятидир.
Бугун Бандихон туманидаги Наврўз маҳалласида жойлашган «Оқмозор» қабристонида ёшлар, нуронийлар ва фаол фуқаролар иштирокида хайрли ҳашар ташкил этилди. Бир ёқадан бош чиқариб қилинган меҳнат натижасида қабристон ҳудуди ободонлаштирилиб, атроф-муҳит тартибга келтирилди.
Ҳашар — шунчаки ободонлаштириш эмас. У авлодларни бирлаштирадиган, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайдиган, ёшлар қалбида аждодларга ҳурмат туйғусини уйғотадиган эзгу анъанадир.
Тадбирда туман ҳокими Абдумалик Алламурадов иштирок этиб, савобли ишга ҳисса қўшган ёшлар, нуронийлар ва фаол фуқароларга самимий миннатдорлик билдирди.
Ҳашар якунида иштирокчиларга ош тортилди, ўтганлар руҳи поклари учун Қуръон тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди.
Бирлик бор жойда барака, ҳамжиҳатлик бор жойда эзгулик бор!
Аждодларни эъзозлаш, муқаддас қадамжоларни обод сақлаш ва ёш авлодга ибрат кўрсатиш — барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Яхшилик бирлашган қалблардан бошланади, унинг файзи эса бутун элга таралади!
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









