Ҳар бир оила — эътиборда: муаммо тингланди, ечим белгиланди
2026-09-19 08:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Сурхондарё вилоятида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Бандихон тумани Бирдамлик маҳалласида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди.
Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Ражабов, туман ҳокими А.Алламурадов, вилоят ва туман маҳалла еттилиги ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ижтимоий реестрда турувчи фуқаролар иштирок этди.
Учрашув давомида ҳар бир фуқаро билан индивидуал суҳбатлашилиб, оилаларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва таклифлари атрофлича ўрганилди.
Муҳими, мурожаатлар шунчаки тинглаб қўйилмади. Ҳар бир масала бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, фуқароларни:
доимий даромад манбаига эга қилиш ва бандлигини таъминлаш;
фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш;
болаларни фан тўгаракларига жалб этиш;
соғлиғида муаммоси бўлган фуқароларни даволанишига кўмаклашиш;
бошқа ижтимоий муаммоларини ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Асосий мақсад — ҳар бир оиланинг муаммосини жойида ўрганиш, унга аниқ ечим топиш ва фуқароларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш.
Зеро, камбағалликни қисқартириш — фақат рақамларни камайтириш эмас, балки ҳар бир оиланинг турмуш шароитини яхшилаш, даромадини ошириш ва келажакка ишончини мустаҳкамлашдир.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









