Коррупсиясиз ҳудуд сари: Бандихон туманида Коррупсияга қарши курашиш комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
2026-09-05 09:00:00 / Янгиликлар

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, коррупсион омилларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сабабларини бартараф этиш маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда жамоатчиликнинг доимий эътибор марказидадир.
Бандихон туманида Коррупсияга қарши курашиш туман комиссиясининг навбатдаги танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда туман Коррупсияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзолари, Халқ депутатлари туман Кенгашининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси аъзолари, масъул корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Йиғилишда 2026-йил учун тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижроси, коррупсиявий жиноятларнинг олдини олиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилини қисқартириш борасидаги чоралар атрофлича муҳокама қилинди.
Кун тартибига мувофиқ, қуйидаги муҳим ва масъулиятли соҳа раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ва танқидий кўриб чиқилди:
Туман Солиқ инспекцияси: Солиқ тушумлари, тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ва давлат хизматларидаги шаффофлик ҳамда коррупсион хавфларнинг олдини олиш;
Туман Соғлиқни сақлаш бўлими (ТТБ): Тиббиёт муассасаларида бепул ва имтиёзли дори-дармонлар тарқатилишида, кадрлар танловида очиқлик ва беморларга хизмат кўрсатишдаги ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш.
Йиғилиш давомида шунчаки қоғоздаги ҳисоботлар эмас, балки соҳаларда мавжуд бўлган ҳақиқий ҳолат, келиб тушаётган фуқаролар мурожаатлари ҳамда "қизил" ва "сариқ" тоифадаги хавфлар таҳлил қилинди.
Мазкур йиғилишдан кўзланган мақсад коррупсияга қарши курашиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини танқидий кўриб чиқиш, мавжуд тизимли муаммоларни аниқлаш, соҳаларда шаффофликни ошириш ҳамда коррупсияга сабаб бўлаётган омилларни илдизи билан бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режасини белгилашдир.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати






