ҚОНУН — ЖАЗО БИЛАН БИРГА ИМКОНИЯТ ҲАМ БЕРАДИ
2026-09-10 14:00:00 / Янгиликлар

Бандихонда сайёр суд мажлисида 5 нафар маҳкумга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилди
2026-йил 10-сентябр куни жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди раиси О. Каримов томонидан туман ИИБ биносида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Суд мажлисида жазони ўташ тартиб-қоидаларига риоя қилган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва ахлоқан тузалиш йўлидан бораётган маҳкумларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.
Хусусан, Пробация гуруҳи рўйхатида туриб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 4 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси 3-қисми “а” банди асосида муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Шунингдек, яна бир нафар маҳкумнинг муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилди.
Таъкидлаш жоизки, муддатидан илгари шартли озод қилиш — жазодан шунчаки кечиш эмас. Бу, аввало, қонун талабларига риоя қилган, ўз хатосини англаган ва тузалиш йўлини танлаган шахсга бериладиган ҳуқуқий имкониятдир.
Бундай ёндашув маҳкумнинг жамиятга қайта мослашишига, ижтимоий ҳаётга фаол қўшилишига ва келгусида қайта жиноят содир этишининг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун устувор. Инсон қадри — эътиборда. Инсонпарварлик — ҳуқуқий давлатнинг муҳим мезони.
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати







