МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИГА МУНОСИБ ТУҲФА: БАНДИХОНДА ЯНА БИР ЗАМОНАВИЙ ТАЪЛИМ МАСКАНИ!
2026-08-28 10:00:00 / Янгиликлар

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик шукуҳи юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзаётган айни кунларда Бандихон туманида яна бир эзгу ва қувончли воқеа нишонланди.
Лимонзор маҳалласидаги 41-сонли умумтаълим мактабига қўшимча 240 ўринли замонавий ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Умумий қиймати қарийб 2,8 миллиард сўм бўлган янги бино ўқувчилар учун зарур шароитлар билан жиҳозланган бўлиб, ёш авлоднинг замонавий ва сифатли таълим олиши учун кенг имконият яратади.
Янги таълим биносининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Абдумалик Алламурадов, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари, мактаб жамоаси, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.
Тадбирда нуронийлар юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақи учун эзгу дуолар қилдилар. Чекка ҳудудларда, хусусан, таълим масканларида яратилаётган бундай имкониятлар учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Бугун бунёд этилаётган ҳар бир мактаб — эртанги кунимизга қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир.
Янги ўқув биноси юзлаб ўғил-қизларнинг билим олиши, орзу-мақсадлари сари дадил интилиши ва келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига хизмат қилади.
Мустақиллик — бу бунёдкорлик!
Мустақиллик — бу тараққиёт!
Мустақиллик — фарзандларимиз учун муносиб келажак демакдир!
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









