БАНДИХОН ТУМАНИ: НИЯТ ЭЗГУ, ДУО УЛУҒ, ҲОСИЛ МЎЛ БЎЛСИН!
2026-08-31 09:05:00 / Янгиликлар

Бандихон туманида 2026-йилги пахта йиғим-терими мавсуми олдидан халқимизнинг азалий қадриятларини ўзида мужассам этган хайрли эҳсон тадбири ўтказилди.
Хўжаипок маҳалласидаги “Шакарли ота” зиёратгоҳи бугун ўзгача файз ва тароват касб этди. Туман ҳокими Абдумалик Алламурадов ташаббуси билан зиёратгоҳ ҳудудида аҳоли учун янада қулай шароитлар яратилиб, ободонлаштириш ишлари хусусан зиёратҳоҳга келувчи йўл замонавий қиёфа касб этиб асфалтлаш ишлари амалга оширилди.
Эҳсон тадбирида нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, эл-юртимизга файзу барака тилаб дуолар қилдилар.
Айниқса, далаларда заҳмат чекаётган фермер ва деҳқонларимизнинг меҳнати самарали бўлиб, бу йилги ҳосил мўл-кўл ва баракали бўлиши, “оқ олтин” хирмонлари юксалиши учун эзгу тилаклар билдирилди.
Тадбир давомида “Шакарли ота” зиёратгоҳини обод қилишда фидойилик кўрсатган қурувчи ҳамда Пахтакор маҳалласида истиқомат қилувчи, “Очиқ буджет” лойиҳаларида аҳолини бирлаштириб, бир неча бор ғолиб бўлишга муносиб ҳисса қўшган Ғайрат Норқобилов туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дошқозонда тайёрланган ош эл дастурхонига тортилди. Тадбир якунида Қуръон тиловат қилиниб, барча эзгу ниятлар учун қўллар дуога очилди.
Бундай хайрли тадбирлар — халқимизнинг бирдамлиги, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир. Эзгу дуолар билан бошланган меҳнат мавсуми файзли ва баракали бўлишига ишончимиз комил.
Энди далаларда қизғин меҳнат палласи. Миришкор деҳқон ва фидойи фермерларимизнинг заҳмати билан оқ олтин хирмонлари тўлиб, хонадонларимиз дастурхони янада тўкин, юртимиз янада обод бўлсин!
Ҳосилимиз мўл, меҳнатимиз самарали, ризқ-рўзимиз зиёда бўлсин!
Бандихон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









